Худо Мени Ўзи Топди... ::
Болалигимдан бошлаб, дин ва Оллоҳ билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсалар мени ўзига тортар, шу билан бирга мени қўрқувга соларди. Катталар, айниқса чоллар айтадиган ўлганларнинг арвоҳи, шайтоннинг ҳийлалари ва Оллоҳ ҳақидаги ҳикояларни диққат билан эшитардим. Эшитганларимнинг ҳаммасини ҳам яхши тушунмасдим, шунинг учун вақти келиб кимдир ҳамма нарсани менга тушунтириб беришини орзу қилардим. Мактабда ўқиётганимда, худди бошқа мактаблардагидек, атеистик тарбия олдим. Лекин барибир юрагимда Худога, Уни билишга интилиш ўсиб борарди. Ҳеч кимга билдирмасдан Қуръон қидириб топдим ва уни рус тилида ўқий бошладим, чунки ўша пайтда у ҳали ўзбек тилига таржима қилинмаган эди, арабчани эса билмасдим. Арабча ёзилган дуоларни ёдлай бошладим, Ислом динининг ҳамма қоидаларига риоя қилишга ҳаракат қилардим, “қайта қуриш” сиёсатидан кейин биринчилардан бўлиб ҳажга бордим. Ҳар куни Оллоҳдан Унинг иноятини сўрардим ва Оллоҳга муносиб қул бўлишга, гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилардим. Лекин шунга қарамасдан, истакларимга қарши ўлароқ, ярамас ишларни ҳам қилиб қўярдим: одамлар билан жанжаллашардим, баъзан ёлғон гапирардим, ўғирлик қилиб қўйган пайтларим ҳам бўлган. Қанчалик кўпроқ яхши бўлишга интилсам, шунчалик кўп тубанлашардим.
Қалбимда тинчлик йўқ эди
Юрагимда ором йўқ эди. “Ҳеч қачон Худога ёқа олмайман. Унга муносиб бўла олмайман. Ҳамма ҳаракатларим бекор, ҳеч қачон жаннатга киролмасам керак”, деган фикрлар мени доим эзарди. Баъзида мен чуқур соғинч ва интизорлик билан осмонга тикилганча, мени яратган ва мендан бутунлай узоқлашиб кетган Тангрига хитоб қилардим. – Эй Оллоҳ, наҳотки мен дўзахда ёниш учун туғилган бўлсам?
Ахир ҳеч қачон ёмон ишларимни ювиш учун етарлича савоб ишлар қила олмайман!
Аста-секин диндан кўнглим совий бошлади. Чунки дин юрагимдаги бўшлиқни тўлдира олмасди, мени бахтли қила олмас эди. Мен диний одатларга риоя қилишни тўхтатдим, лекин Қуръон ўқишни ҳалиям давом эттираётган эдим.
Кунлардан бир куни бир киши билан суҳбатлашиб қолдим. У ўзида Инжилнинг ўзбекча таржимаси борлигини айтди. Бу нарса мени қизиқтириб қўйди. Инжил ҳақида Қуръонда ҳам гапирилган. Мен яна билардимки, Инжил Қуръондан олдинроқ пайдо бўлган. Нима бўлса ҳам, мен бу китобни топиб ўқишга аҳд қилдим.
Бизнинг қишлоқда ҳам, район марказида ҳам ҳеч ким Инжил ҳақида ҳеч нарса билмасди. Мен уни на дўконларда, на масжидларда, на китоб сотувчи ёймачиларда топа олмадим. Уйқум келмай, ухлаёлмай тўшакда тўлғаниб ётган тунларимнинг бирида хаёлимга бир фикр ярқ этиб келди: – Тошкентга бор. Агар бу китоб умуман босилиб чиққан бўлса, уни албатта Тошкентдан топасан.
Эртасигаёқ поездга тушиб пойтахтга йўл олдим. Тошкентда менга бошпана берадиган танишларим йўқ эди. Бундан ташқари, китобни қаердан қидиришни ҳам билмасдим. Бироқ бу муаммо нимагадир мени ташвишга солмасди.
Эрта тонгда мен Тошкент кўчаларида кетаётган эдим.
Магазинлар ҳали берк эди. Автобусда Амир Темур хиёбонигача келдим. Шошиладиган жойим йўқ эди, шу сабабдан метрога тушиб ер ости шаҳрида бироз сайр қилмоқчи бўлдим. Ишга шошилаётган одамлар тўдаси оралаб, ер ости ўтиш йўли бўйлаб борар эканман, тўсатдан китоблар турган столларга, турли хил муқовали китоблар орасида семиз, яшил рангли, зарҳал ҳошияли Инжилга кўзим тушди. Кўзларимга ишонмасдим.
Наҳотки бу ўша, мени узоқ йўлга отлантирган китоб бўлса!?
Бир неча дақиқадан кейин мен китоб эгаси бўлдим ва энди мени фақат қаерда тунасам, қаерда дам олсам ва қаерда китобни ўқисам деган фикр ўйлантирарди. Ўша ердаги шаҳар сайилгоҳига кириб скамейкага ўтирдим. Тушунарсиз ҳаяжон билан китобнинг биринчи саҳифасини очдим. Бир неча дақиқалардан сўнг атрофимдаги ҳеч нарсани пайқамасдим. Китоб менинг бутун вужудимни қамраб олган эди.
Ўқийвердим, ўқийвердим, китобдан ҳеч бошимни кўтара олмасдим. Ўзимни худди китоб ўқиётгандек эмас, балки кимдир менинг олдимда ўтириб Исо Масиҳ ҳақида сўзлаётгандек сезардим.
Мен яна бутун ер юзидаги одамзоднинг гуноҳкор эканлиги, бу гуноҳлари эвазига улар дўзахга маҳкумлиги, лекин Худойи Таоло Ўзи яратган жонзодларни севганлиги ва уларни қутқариш учун Исо Масиҳни ерга юборганлиги ҳақида ўқидим. Исо Масиҳ эса бизларнинг оқланишимиз учун ўлимни бўйнига олган экан.
Қалбимга нур келди
Гўёки бир ёрқин нур юрагимни ёритди. Тўсатдан умрим бўйи излаганим айнан шу эканлигини англадим. Мен гуноҳкор эдим.
Пок Худога яқинлаша олмас эдим. Шу сабабли Худонинг адолатли жазосидан қутқара оладиган Воситачи – Шафоатчига муҳтож эдим. – Эй Худо, – деб кўзларимда ёш билан Яратганга нола қилдим. – Мен жудаям гуноҳкорман! Умрим бўйи гуноҳ қилдим.
Муқаддас бўлишга ҳаракат қилдим, бироқ қўлимдан келмади. Сен Исо Масиҳни менинг гуноҳларим учун қурбон қилибсан! Шу қурбонлигинг орқали мени кечирибсан! Шукур Сенга, Худовандим!
Билмадим, қанча вақт Худога илтижо қилиб ўтирдим. Бироқ бир нарсани билардим: У менинг илтижоларимни эшитди ва гуноҳларимни кечирди! Юрагимга тинчлик кириб келди. Қалбим тўла шодлик, хурсандчиликдан ўзимни қўярга жой топа олмас эдим – Оллоҳ Исо Масиҳнинг қурбонлиги эвазига менинг гуноҳларимни кечирган эди.
Мен бу ажойиб китобдан ажрай олмасдан, кечгача ва кейин тунда поездда ҳам ўқидим. Баъзи оятлар шундай мени ҳайратлантирардики, ўзим билмаган ҳолда овоз чиқариб юборардим.
Йўловчилар олдинига ҳайрон бўлиб қараб туришди, кейин нарироқ сурилиб ўтиришди. Шунда мен уларга қўлимдаги қандай китоб эканини, менга нималарни очиб берганини, Исо Масиҳ ва У орқали бериладиган кечирим ҳақида гапириб бердим. – Демак, сиз христианмисиз? – Йўқ, – дедим мен. – Мен оддий ўзбек, мусулмонман. Лекин Худо менинг гуноҳларимни Исо Масиҳ орқали кечирди. Менинг бунга имоним комил. Мен ҳеч қачон ҳозиргидек хурсанд бўлмаганман. Энди мен гўё янги туғилган чақалоқдек бегуноҳман, покман.
Уйда ҳамма мени ақлдан озиб қолди, деб ўйлади, нега десангиз ҳаммага Исо Масиҳ ҳақида гапирар, Худо менинг гуноҳларимни кечирганлигини сўзлардим.
Ҳали кўп нарсани тушунмасдим. Худога қандай намоз ўқишни, масжидга боришим керак-керак эмаслигини, қандай қилиб рўза тутишни менга ўргатадиган одам йўқ эди. Хаёлимга яна битта фикр келди: – Тушунмаган ҳамма нарсангни, ҳамма муаммоларингни Худога айтишинг мумкин. У сенга Ўзи тушунтиради.
Шундай қилиб, ҳаётимда ажойиб кунлар бошланди. Худо менинг ҳамма саволларимга Инжилдан жавоб берарди. У мени ҳеч қачон ташлаб қўймади. Ҳамма, асосан муллалар қаршилик кўрсатган чоғда ҳам Худо мени Ўз Каломи билан қўллаб-қувватларди.
Орадан ярим йил ўтди. Бир нечта қариндошларим Худодан қандай кечирим олиш мумкинлиги ҳақида қизиқиб қолишди. Мен улар билан бирга Инжил ўқирдим, бирга Оллоҳга илтижо қилардик. Бирин-кетин улар Инжилдаги сўзларга ишониб, Худога ҳаётларини топширишди. Тавба қилиб, гуноҳларига кечирим олишди. Уларнинг ҳам ҳаётлари меникидек тубдан ўзгарди.
Чекишни, ичишни, ёмон сўзлар билан сўкинишни тўхтатишди.
Оилада улар энди меҳрибон оталарга, қулоқ солувчи ўғилларга айланишди. Атрофимиздаги одамлар бундан хурсанд бўлди, деб ўйлайсизми? Бўлмаган гап! Хотинлар маст эрларининг калтакларини унутиб, энди ўзгариб қолган эрларини ўзлари савалашга тайёр эдилар: – Ота-боболарингизнинг динидан қайтганингиздан кўра, ароқ ичиб юрганингиз яхши эди. – Диндан қайтганим йўқ. Қуръонда ҳам Инжилни Оллоҳдан деб ёзилган! Биз фақат Инжилда ёзилганларига итоат қиляпмиз, холос. – Нега Исога ибодат қиласизлар? Исо – ўрисларнинг худоси. Сизлар христиан бўлгансизлар!
Биз эса, христиан эмас, балки бор-йўғи Инжилга эътиқод қўйганлигимизни қайта-қайта тушунтиришга ҳаракат қилдик. Лекин улар бизга қулоқ солишмасди.
Инжилга имон қўйиб яшаш қийин. Бизни эътиқодимиз учун ёмон кўрадиганлар талайгина. Бироқ гуноҳларга кечирим олиб яшашга ҳеч нарса етмайди. Бир неча марта калтак едик, орқамиздан ҳар хил гаплар қилишди, лекин энг асосийси Худо биз тарафда.
У Ўзининг Муқаддас Руҳи билан қалбимизда. Қаерда бўлмайлик, нимаики қилмайлик, Исо ҳамиша биз билан ҳамнафас бўлади, бизга мадад беради.
Энди биз ўлимдан ортиқ қўрқмаймиз. Чунки энди биз дўзахга эмас, балки тўғри жаннатга – бизни самода кутаётган Худо ҳузурига борамиз.
Қутқарилганим учун Яратганга шукрона айтишдан тўхтамаяпман. Аввал гуноҳларимдан қийналиб Уни қидирардим, топмасдим. Бироқ У Ўзи мени топди, ажойиб тарзда Ўзини менга намоён қилди.
У мени севади!
Дўстим, У сизни ҳам севади! Исо Масиҳ сизнинг ҳам гуноҳларингизни кечиради. У сизга шодлик бера олади, кўнглингизни Ўз нурига тўлдира олади. Уни қабул қилинг!