Жонга Жон ::
Бундан бир неча йиллар олдин дилларни ларзага солувчи бир воқеа содир бўлгандики, мен бу ҳақда сизга батафсил айтиб беришим керак.
Шарқ мамлакатларининг бирида икки ака-ука яшар эдилар. Уларнинг кичиги енгилтабиат бўлгани учун айш-ишратга берилган бўлиб, эртадан кечгача кўнгли тортган гуноҳли ишлар билан машғул эди. Маишатпарастликни севгани учун унинг бу йўлдан асло қайтгиси йўқ эди. Каттаси эса мутлақо унинг акси бўлиб, тўғри сўз, пок қалбли, Оллоҳнинг қаҳридан қўрқадиган мўмин-қобил киши эди. Гуноҳ йўлдан қайтариш учун у қайта-қайта укасига панд-насиҳат қилар, ҳатто ялиниб-ёлворар ҳам эди, бироқ ҳеч бу насиҳатлардан наф йўқ эди. Акасининг илтимослари ҳам, кўз ёшлари ҳам кичик укасига таъсир қилмасди. Маслаҳатларга мутлақо эътибор бермай, у ҳар доимгидек гуноҳли ишларни қилишда давом этаётган эди. Ярим кечагача ичиб маишат қилган пайтларда акаси у учун Оллоҳга ибодат қилар ва ухламасдан укасининг уйга келишини кутар эди.
Ана шундай кечалардан бирида уй эшигини кимдир қаттиқ тақиллата бошлади. Акаси тезда кийиниб эшикни очди. Ранг-рўйи ўчган, бутун баданини қалтироқ тутган, кийимлари эса қонга беланган укаси ичкарига югуриб кирди. – Мени қутқар! Мени яшир! – деди у ҳаллослаб. – Миршаблар қувиб келяпти. Мен одам ўлдирдим! Кийимимни қара, бу ўшанинг қони!
Акаси нима қиларини билмай қотиб қолди. Нима қилишим керак? Укамга қандай ёрдам бераман? Ниҳоят унинг юзи ёришиб кетди: – Кийимларингни еч, – деди у укасига. – Менинг кийимларимни кий!
Ўзининг тоза кийимларини укасига кийдириб, уни қўшни хонага киргизди ва устидан тамбалаб қўйди. Укасининг қонга беланган кийимини эса ўзи кийиб олди. Ва ҳеч қанча вақт ўтмай уйга
миршаблар бостириб кирди: – Ҳа, мана у, қаёққа қочиб кетардинг?! – деди биттаси. – Ўзимиз ҳам қотил шу ерда бўлса керак, деб ўйловдик – деди иккинчиси.
Уни жиноятчи деб миршабхонага олиб боришди. Миршаблардан биттаси унга нафрат билан тикилиб: – Қотил сенмисан? – деди.
Бироқ йигит индамади. – Э, сўраб вақт кетказишга нима ҳожат! – луқма ташлади бошқа бири. – Кийимларига қара, сенга бошқа далилнинг нима кераги бор?!
Улар бечора йигитни анча калтаклаб, кейин эрталабгача қоронғу зиндонга қамаб қўйдилар. Маҳбус эса оғзини очиб бирор нарса дегани йўқ.
Эрталаб уни сўроқ қилишни бошладилар, бироқ ундан ҳеч қандай жавоб олиша олмади. Бир неча соатдан кейин уни адлия маҳкамасига олиб боришди.
Қози унинг қон юқи кийимларига назар ташлаб, деди:
– Ҳаммаси тушунарли, бошқа ҳеч қандай далил ва исботга ҳожат йўқ. Оқловчинг борми?
– Йўқ.
– Ўзингни оқлаш учун бирон нима дейишни хоҳлайсанми?
– Хоҳламайман, – деди у хотиржам ва қатъий оҳангда ва бошини қуйи солди. Адлия маҳкамаси муҳокамага кўп вақт кетказмай, маҳбусни ўлим жазосига ҳукм этди. Ҳукм ижро этиладиган пайтда у ўзининг охирги илтимосини айтди:
– Мен ўлим олдидан укамга хат ёзмоқчи эдим. Чунки энди мен Оллоҳнинг олдига кетяпман. Бироқ хатимни очиб ўқимаймиз, деб ваъда беришингиз керак. У ерда биронта ёмон нарса ёзилмайди. Миршаббоши маҳбуснинг юзига диққат билан қаради. Ўлимга ҳукм этилган йигит мулойим ва хотиржам эди. Унинг кўзларидан эса тасвирлаб бўлмайдиган бир нур чақнар эди. Миршаббоши маҳбуснинг ўлим олдидан қилган илтимосини рад этишга ўзида куч топа олмади. Ва бир парча қоғоз, қалам ва хатни муҳрлаш учун сурғич олиб келиб маҳбусни икки соатга битта хонада ёлғиз қолдирди.
Ниҳоят вақт етиб келди. Ўлим ижрочилари иш ҳаракатига тушишди. Бир соатдан сўнг ... ҳаммаси тамом бўлди. Сал ўтмай қўлида муҳрланган мактуб билан хат ташувчи ҳам йўлга тушди. Икки ака-укаларнинг уйини топиб эшикни қоқди.
Ранги ўчган, хавотирли юз билан эшик очган ёш йигит мактубни олди. Бу қанақа хат? Ким ёзди? Наҳотки менга ёзибди? Ниҳоят хатни очиб ўқиди. Ўқир экан ич-ичидан ларзага келди, лаблари титраб ўзини ташқарига отди, яна уйга қайтиб кирди. Унинг бутун бадани титрарди ва телбаларга ўхшаб уйнинг ичида у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
Мактубда нима ёзилган экан?
Унда атиги бир оғиз сўз бор эди: “Мен сенинг кийимингда, сен учун ўламан, сен эса менинг кийимимда ҳалол ва покиза ҳаёт кечиришинг мумкин”. “Мен сен учун ўламан!”
У ҳайратдан ўзига кела олмас эди. Бу сўзлар ёш йигитнинг ўша пайтгача муздай қаттиқ ва совуқ дилини остин-устун қилиб, қалбини ларзага солди, ифлос ва гуноҳ ишлардан тош қотган юрагини юмшатди. У худди иситмалаётгандек овозини чиқариб такрорларди: “Мен сен учун ўламан! Мен сен учун ўламан! Ё Художон, мен бунга йўл қўймаслигим керак... Эҳтимол у ҳали ўлмагандир!”
У тезда кўчага югуриб чиқди ва акасини қутқариш илинжида маҳкамага қараб чопиб кетди. Уни миршаббошининг олдига олдинига киритишмади, бироқ у йиғлаб шундай ялинардики, қоровулларнинг раҳми келиб ичкарига киришга рухсат беришди. “Мен сен учун ўламан!” – бу сўзлар миршаббошининг ҳам қалбига чуқур таъсир қилди. Унинг кўз ўнгида марҳумнинг илтимоси, қатъиятли хотиржам нигоҳи намоён бўлди. Қаттиқ ҳаяжонланган миршаббоши мактубни қозига топширди.
Мактубни ўқиб бўлгач, қози ҳақиқий қотилни сўроқ қила бошлади. У ўзининг ҳамма айбларини тан олди. Ва охири қозига шундай деб айтди: – Мени ўлдиринглар, мен ўлимга лойиқман!
Бироқ ўлган акасининг айтган сўзлари ўз мавқеини йўқотмаганди. Унинг сўзлари қози учун катта аҳамиятга эга эди. Жиноят учун жазо амалга оширилган, марҳумни эса ўлимдан тирилтириш иложиси энди йўқ. Ғишт қолипдан кўчган эди.. Қози ёш йигитга қаради. Унга ҳам ҳукм чиқаришга энди қозининг ҳаққи йўқ эди.
Шундай қилиб кичик укага ҳаёт ва озодлик ҳуқуқи берилди. Айби кечирилган қотил қўлида мактуб билан уйига қайтиб келди. Қилган гуноҳининг оғирлигидан қалби жунбушга келди ва ўкиниб тавбага оғиз очди. Яратганга кўзларида ёш билан нола қила бошлади: – Эй Парвардигор! Мени гуноҳда ўлишдан озод қил. Менинг гуноҳим учун акам қурбон бўлди. Ёмонликка қарши тура олишим учун менга ёрдам бер. Ўлган акамнинг кийимларини кийиб юришга мени муносиб қил. Кечир мени, ё Раббим, меҳр-шафқатингни мендан аяма! Токи энди мен тоза кийимда, тоза ҳаётда юрайин. Ҳар қандай гуноҳдан мени Ўзинг асра!
Шу кундан бошлаб одамлар уни танимай қолди. У бутунлай ўзгарди. Одамлар орасида гўё мусофирдек юрарди, бироқ ҳамма унинг ҳалоллигини, меҳр-оқибатини кўрарди.
Эски дўстлари келиб уни яна гуноҳли ишларга ундаб кўришди, аммо у қатъият билан рад жавобини берди: – Бу кийим билан у ерга бормайман. Акам тирик бўлганда унақа жойга бормаган бўларди.
Баъзилар ундан юз ўгириб кетдилар, кўплар эса унинг тарихини эшитиб, унинг кийимига ва ўзига ҳурмат билан қарай бошлашди.
Ҳаётини Оллоҳга топширган бу одамнинг солиҳ ҳаётини кўриб, улар ўзлари ҳам тавбага кела бошладилар.
Орадан бир неча йиллар ўтди. Унинг ибратли ҳаёти кўп яхши ҳосил келтирди. Бу дунё охирига еткач абадий ҳаёт бошланади. Вақти келганда бу икки ака-ука абадий ҳаётда учрашишади ва ундан кейин уларни ҳеч нарса ажрата олмайди.
Бизнинг ҳолатимиз қандай?
Ҳикоя ниҳоясига етди. Аммо унинг аҳамияти шу қадар чексизки, бизнинг кунларда ҳам у ҳар бир одамга ва ҳатто ушбу сатрларни ўқиётган сизга ҳам тааллуқлидир. Худонинг олдида сиз ҳам ўша ёш йигит каби жиноятчи эканлигингизни биласизми? Биз ҳаммамиз гуноҳкормиз, у ёки бу гуноҳни қилишда айбдормиз.
Гуноҳ қилганимиз учун ҳар биримиз жазога лойиқмиз. Биз жазога тортилишимиз керак эди, чунки адолатли Оллоҳи Таолонинг ҳукми шундай дейди: “Гуноҳнинг эвази – ўлим” (Инжил, Рм.6:23). Бироқ бизларни жаҳаннам оловидан асраб қолиш учун Ўзи муқаддас ва бенуқсон бўлган Исо Масиҳ биз учун берилажак жазони Ўзига олди – У қийналиб, азоб чекиб бизлар учун хочда ўлди. Эҳтимол сиз аллақачон Худонинг Хушхабарини эшитиш ёки ўқиб чиқиш имкониятига эга бўлгандирсиз. Исо алайҳиссалом сиз учун нима қилганини тушундингизми? У ҳақда нима деб ўйлайсиз? Ёки сиз Унинг хочга ўлганини оддий бир ҳикоя сифатида қабул қилдингизми?
Хушхабар...
Исо Масиҳнинг Хушхабари – Унинг ҳаёти ва ўлими ҳақидаги ҳикоядир. У сизнинг кийимларингизни кийиб, сизнинг гуноҳларингиз учун ўлдирилди. Сиз солиҳлик кийимини кийиб муқаддас ҳаёт кечира олишингиз учун У Ўзини қурбон қилди. Унинг қони билан оқланиб, Унинг солиҳлигини кийиб, Унинг Руҳидан туғилиб, тоза ва гуноҳдан холи бўлган Худонинг фарзандига айланишингиз учун У азоб чекди. Унинг мактубига сиз нима деб жавоб берасиз? Ахир, “Худо бизни Ўзига маъқул, солиҳ деб билиш учун, гуноҳни ҳеч билмаган Масиҳни биз учун гуноҳга айлантирди” (Инжил, 2-Кр.5:21). “Агар ҳамма одамлар учун Биттаси ўлган бўлса, бу ҳаммаси ўлгани демак, деган хулосага келдик. Масиҳ ана шу мақсадда ҳамма учун ўлди, токи яшаётганлар энди ўзлари учун эмас, балки ўзлари учун ўлган ва тирилган Масиҳ учун яшасинлар” (Инжил, 2-Кр.5:14-15).
“У бизнинг гуноҳларимиз учун яраланган, бизнинг ёвузлигимиз учун эзилган экан. У бизнинг саломатлигимиз йўлида жафо чекди, Унинг жароҳатлари туфайли биз шифо топдик” (Таврот, Иша.53:5).
“Биз гуноҳ қаршисида ўлиб, энди солиҳлик билан яшашимиз учун, У хочда гуноҳларимизни Ўз баданига сингдирди” (Инжил, 2-Бтр.2:24).
“Эски ўзлигингизни бир четга олиб қўйинглар; яъни илгариги турмушингизга оид, алдовчи эҳтирослар билан бузилиб бораётган эски, ёмон табиатингизни соқит қилинглар. Бунинг ўрнига янги фикрга, янги руҳга эга бўлинглар. Худога муносиб суратда, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддаслик билан яратилган янги табиатни ўзлаштиринглар” (Инжил, Эф.4:22-24).
“Масиҳ бизлар учун жонини фидо қилди, ана шундан биз муҳаббатни билдик. Биз ҳам биродарларимиз учун жонимизни беришга бурчлидирмиз” (Инжил, 1-Юҳ.3:16).
“Чунки Масиҳ ҳам бизни Худога яқинлаштириш ва гуноҳларимизни ювиш учун бир марта азоб чекиб ўлди. Ўзи солиҳ киши бўлгани ҳолда, гуноҳкорлар учун қурбон бўлди” (Инжил, 1-Бтр.3:18).
“Худованд исмини айтиб чақирган ҳар бир киши нажот топади” (Инжил, Ҳв.2:21).
“Исога инонган ҳар бир кишининг гуноҳлари Унинг номи билан кечирилади, деб қадимий пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам шаҳодат берганлар” (Инжил, Ҳв.10:43).
Ҳикоямиздаги кичик ука мана шунга ўхшаш мактубни ўқиб, ўзининг ҳаётини ва дунёқарашини бутунлай ўзгартирди. У акасининг совғасини – укаси учун қурбон қилган ҳаёт инъомини қабул қилди. Унинг тоза кийимларини кийиб, қолган ҳаётини акасининг номига муносиб тарзда яшади.
Буни қандай қабул қиласиз?
Сизчи, азиз биродарим? Қутқарувчингиз Исо Масиҳнинг қурбонлигига ва муҳаббатига қандай жавоб берасиз? Бу инъомни миннатдорчилик билан қабул қиласизми ёки рад этасизми?
Бу саволни кўп одамлар эшитишган. Баъзилар Исо Масиҳнинг ўзи учун нима қилганини эшитиб ишонмасдан эски ҳаётда яшашни давом эттираверганлар. Гуноҳ қилган ҳар бир одам дўзахи. Бироқ улар Масиҳ бераётган совға – гуноҳкорларга бериладиган кечирим ҳадясини олмаганлари учун жаҳаннамга равона бўлишди. Бошқа одамлар эса ишониб ҳаётларини Оллоҳга ва Унинг Элчиси – Исо Масиҳга топширганлар. Ва ажойиб инъомга – абадий ҳаёт инъомига эришишди. Уларнинг ҳаётида бу қандай амалга ошганлиги ҳақида сизга навбатдаги ҳикоялар гапириб беради.